Аралаш жанг санъатлари. Вакилларимиз кучли бешликда
2026-11-19 23:30:00 / Янгиликлар

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида 1–7 ноябрь кунлари аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақада дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан 800 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси шафелигида ўтказилган мазкур жаҳон биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси 30 нафар спортчи билан иштирок этди.
Таркибдан нафақат эркаклар, балки аёл спортчиларнинг ҳам жой олгани мамлакатимизда ушбу спорт турининг оммавийлиги ошиб бораётгани ва муносиб захира шаклланаётганидан далолат беради.
Жисмоний ва тактик тайёргарлик, зарба техникаси ҳамда ҳимояланиш маҳорати синовдан ўтган муросасиз беллашувларда вакилларимиз жами 8 та медални — 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида кучли бешликдан жой олди.
Катталар ўртасидаги беллашувларда терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 7-ўринни эгаллади. Ўғилой Жуманова финал ғолибига айланган бўлса, Мустафо Қадамов кумуш медални қўлга киритди. Жанобиддин Сатторов эса шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди.
Ёшлар терма жамоамиз мусобақада янада юқори натижа кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни банд этди. Финал жангида ҳамюртимиз Хуршидахон Розиқова яна бир вакиламиз Нилуфар Ўроловадан устун келиб, олтин медалга эга чиқди.
Ўролова эса кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Дониёр Қувондиқов кумуш, Фирдавс Атамуратов ва Ферузбек Файзиев эса бронза медалларини терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйишди.
Мусобақа якунларига кўра, 40 та медаль жамғарган Россия терма жамоаси 1-ўринни, 9 та медаль билан Тожикистон 2-ўринни, 6 та медаль қўлга киритган Финландия эса 3-ўринни эгаллади. Ўзбекистон терма жамоаси 8 та медаль билан жаҳоннинг энг кучли бешта жамоаси сафидан ўрин олди.
Мазкур чемпионат спортчиларимиз учун катта халқаро тажриба ва маҳорат синови бўлиб хизмат қилди. Терма жамоамизнинг келгуси режалари ҳақида Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари (ММА) ассоциацияси раиси ўринбосари Шуҳрат Анваров шундай деди: — Жаҳон чемпионатидан ташқари, олдимизда яна муҳим мусобақалар турибди.
Ҳозирда Қарши шаҳрида Ўзбекистон кубоги баҳсларини ўтказамиз. Ушбу мусобақа якунларига кўра, терма жамоа таркибидаги йигитларни яна бир бор саралаб оламиз.
Шундан сўнг 5–7 декабрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этамиз.
Хулоса қилиб айтганда, Тбилисида қўлга киритилган ушбу тарихий натижалар мамлакатимизда спортга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий самарасидир.
Вакилларимиз намойиш этган юксак маҳорат, матонат ва ғалабага бўлган кучли ирода келгуси халқаро ареналарда ҳам Ўзбекистон байроғи янада баланд кўтарилишига мустаҳкам замин яратади.
© «Postda» газетаси, Мадина Қаҳҳорова, катта лейтенант.
