Жиззах вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-11-19 09:00:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Зарбдор туманидаги 1-сон техникумда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, иқтидор ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда келажакда муносиб ўрин эгаллашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Самимий ва очиқ мулоқот давомида техникум ўқувчилари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, таклиф ва ташаббусларини ўртага ташладилар. Ёшларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш борасида тегишли фикрлар билдирилди.
Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғи таълим муассасасида 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда иштирок этди. Унда устоз ва ўқувчиларни ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклаб, Давлат байроғимиз халқимизнинг миллий ғурури, мустақиллиги ва бирдамлиги тимсоли эканини таъкидлади.
Ташриф доирасида техникум ҳудудида ташкил этилган иссиқхона фаолияти билан ҳам танишилди. Унда ўқувчи ёшларнинг амалий меҳнат кўникмаларини шакллантириш, касб-ҳунар эгаллаши ва тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Бундай учрашувлар ёшлар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий муаммоларига ечим топиш, ташаббусларини рўёбга чиқариш ҳамда келажакка ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Зарбдор туманидаги 1-сон техникумда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати









