Ўзбекистон ва Туркия суд-экспертлик соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиради
2026-11-19 12:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Туркия Республикаси Адлия вазири ўринбосари Седат Аййилдиз бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Зуфар Курбанов иштирок этди.
Учрашувдан кўзланган мақсад икки давлат ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, «Рақамли суд» амалиёти, суд экспертизаси ва ҳуқуқ соҳаларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича тажриба алмашишдан иборат бўлди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Туркия делегацияси раҳбари Седат Аййилдиз мамлакатимиздаги суд-экспертлик фаолиятини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш ва соҳавий ҳамкорликни кенгайтириш ташрифнинг асосий мақсади эканини қайд этди.
Шунингдек, Туркия Адлия вазирлиги тизимида суд экспертизасини ривожлантириш, иш жараёнларини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Суд тиббиёти муассасасида кимё, биология, ДНК, физика ва рақамли криминалистика йўналишларида тадқиқотлар ўтказилиши, UYAP суд-ҳуқуқ ахборот тизими орқали иш жараёнлари автоматлаштирилиши ва электрон ҳужжат алмашинуви таъминланиши қайд этилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда эксперт-криминалистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ИИВ Эксперт-криминалистика бош марказининг фаолияти ҳақида маълумот тақдим этилди.
Таъкидланганидек, ички ишлар органлари эксперт-криминалистика хизматининг тарихи Самарқанд шаҳрида ташкил этилган дактилоскопик илмий-техникавий кабинетдан бошланган. Бугунги кунда мазкур тизим замонавий илмий-техник имкониятларга эга бўлиб, ҳодиса жойларида излар ва ашёвий далилларни аниқлаш, суд экспертизаларини ўтказиш, шунингдек, юз қиёфаси, бармоқ излари ва ДНК маълумотлари бўйича криминалистик ахборот базаларини юритиш каби муҳим вазифаларни амалга оширмоқда.
Соҳадаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари рақамлаштириш, автоматлаштириш ва ахборотлаштириш экани, замонавий технологиялар ҳамда криминалистик ахборот тизимларини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар рақамли криминалистика, биометрик идентификация, ДНК таҳлили, эксперт тадқиқотларини электрон бошқариш ва сунъий интеллектни қўллаш соҳаларида тажриба алмашиш, шунингдек, қўшма семинарлар ҳамда мутахассислар малакасини ошириш тадбирларини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Туркия ўртасида суд-экспертлик соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор тажриба алмашиш ва замонавий технологияларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.




