ИИВ раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида қиш мавсумида аҳолини суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда хавфсизлик талаблари ўрганилди
2026-11-17 18:00:00 / Янгиликлар

Қиш мавсумини беталафот, осойишта ва муаммоларсиз ўтказиш, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини ўз вақтида таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Айниқса, совуқ кунларда хонадонларни суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш долзарб аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Юлдошевич Мирзараҳимов Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида бўлиб, қиш мавсумида аҳолини суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳолатини ўрганди.
Ўрганиш жараёнида аҳоли хонадонларига ёқилғи маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериш, мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш, таъминот жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, қиш мавсумида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш, газ ва электр жиҳозларининг техник ҳолатини назорат қилиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Масъул мутасаддиларга ёқилғи маҳсулотлари таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Зеро, қиш мавсумининг осойишта ва муаммоларсиз ўтиши, энг аввало, масъул ташкилотларнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари, таъминот тизимининг барқарорлиги ва аҳоли хавфсизлигига қаратилган профилактик чора-тадбирларнинг самарали ташкил этилишига боғлиқдир.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи



