ИИВ раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси хизмат фаолияти ўрганилди
2026-11-17 16:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзараҳимов Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасида бўлиб, шахсий таркибнинг хизмат фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида бошқарма ходимларининг кундалик хизмат фаолияти, хизмат интизоми, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда белгиланган вазифаларнинг ижроси ўрганилди.
Шунингдек, вазир ўринбосари бошқарма шахсий таркиби билан суҳбатлашиб, хизмат вазифаларини масъулият ва фидойилик билан бажариш, транспорт объектларида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янада кучайтириш юзасидан ўз тавсия ва кўрсатмаларини берди.
Ташриф доирасида ҳозирда қурилаётган янги маъмурий бинонинг қурилиш жараёни ҳам кўздан кечирилди. Бинонинг қурилиш сифати, амалга оширилаётган ишлар кўлами ва белгиланган режаларнинг бажарилиши билан танишилди.
Янги бинода ходимлар учун муносиб хизмат шароитларини яратиш, замонавий талаблар асосида иш жойларини ташкил этиш ҳамда қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ташриф якунида соҳадаги иш самарадорлигини ошириш, ходимларнинг хизмат шароитларини янада яхшилаш ҳамда транспортда хавфсизликни таъминлаш борасидаги вазифаларни изчил давом эттириш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи




