Қатарда полиция академияларининг 15-халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда
2026-11-17 11:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 16–18 ноябрь кунлари Қатар Давлати пойтахти Доҳа шаҳрида Полиция академиялари халқаро ассоциациясининг (INTERPA) 15-халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Унда турли давлатларнинг полиция таълими муассасалари раҳбарлари, соҳа экспертлари ва олимлари жам бўлиб, ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, замонавий таълим технологиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Конференция доирасида рақамли билимларни бошқариш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, институционал хотирани шакллантириш, илмий тадқиқотларни хизмат амалиётига татбиқ этиш ҳамда хавфсизлик соҳасида самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш мавзуларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Анжуман иштирокчилари томонидан полиция таълими тизимини такомиллаштириш, ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр ва тажриба алмашилмоқда.
Мазкур конференция Ўзбекистон ички ишлар органлари тизимида кадрлар тайёрлаш жараёнларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва миллий амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.



