Тақдимот. Маънавий тарбия воситаси
2026-11-17 23:30:00 / Янгиликлар

Норин тумани Ахборот-кутубхона марказида ИИВ Бирлашган таҳририятининг Наманган вилояти бўйича мухбири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Жаҳонгир Тўхтасинов ҳамда ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги майор Абдувойид Эргашев ҳаммуаллифлигида нашр этилган "Ҳаққули мингбоши" номли китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Унда сўзга чиққанлар китобнинг тарихий хотирани тиклаш, ўтмишда яшаб ўтган фидойи инсонлар ҳаётини ўрганиш, уларнинг эзгу ишларини ёш авлодга етказишдаги аҳамияти хусусида фикр билдирдилар. Айниқса, эл орасида ҳурмат қозонган шахслар ҳаётини китоб саҳифаларига муҳрлаш борасидаги бундай ташаббуслар алоҳида эътироф этилди.
Тадбир доирасида ички ишлар органлари фахрийлари Авазбек Каримов ва Абдувойид Эргашев муаллифлигида тайёрланган “Мангу барҳаётлар” китобининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китоб Норин туманида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимлари хотирасига бағишланган.
Унда Ватан ва халқ осойишталиги, фуқаролар хавфсизлиги йўлида жон фидо қилган мард инсонларнинг ҳаёт йўли, хизмат фаолияти, жасорати ҳақида ҳикоя қилинади.
Тақдимотда қайд этилганидек, ушбу китоб касбига садоқат, жасорат ва фидойилик туйғуларини ёш авлод қалбига сингдиради, айниқса, ички ишлар органлари ходимлари учун муҳим маънавий тарбия воситаси бўлиб хизмат қилади.
© «Postda» газетаси, Ҳасанхўжа Фаттоҳхонов, катта лейтенант.
