ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти масъул ходимлари иштирокида талабалар билан очиқ мулоқот ташкил этилди
2026-11-17 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти масъул ходимлари иштирокида талабалар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад — ёшларни жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда пробация соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий билим ва касбий қизиқишларини янада оширишдан иборат бўлди.
Мулоқот давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишидаги устувор вазифалар, жамоат тартибини сақлашда замонавий ёндашувлар, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда пробация хизматининг вазифалари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, соҳада фаолият юритаётган масъул ходимлар ўзларининг амалий тажрибалари билан ўртоқлашиб, хизмат жараёнида дуч келинадиган вазифалар, уларни самарали ҳал этиш усуллари ва жамоат билан мулоқот қилишда журналистик ёндашувнинг аҳамияти хусусида фикр билдирдилар.
Учрашувда талабаларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Айниқса, жамоат хавфсизлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг ўрни, аҳоли билан очиқ ва ишончли мулоқотни йўлга қўйиш, жамоатчиликка тезкор ва холис ахборот етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур мулоқот талабалар учун Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритаётган мутахассислар билан бевосита суҳбатлашиш, уларнинг касбий фаолияти ва амалий тажрибаси билан яқиндан танишиш, шунингдек, келгусидаги касбий фаолияти учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни бойитиш имконини берди.
Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда жамоат хавфсизлиги масалаларига дахлдорлик ҳиссини шакллантириш ҳамда журналистика ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати









