Кузатув. Яхшилик уруғи
2026-11-17 07:45:00 / Янгиликлар

Инсон умрининг мазмуни эгаллаган лавозими ёки босиб ўтган йўллари билан эмас, ҳаёти давомида бошқалар қалбида қандай из қолдиргани билан белгиланади. Айниқса, ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиш нафақат юксак масъулият, балки инсонпарварлик, фидойилик ва касбга садоқатни ҳам талаб этади.
Ана шундай эзгу фазилатлар эгаси, узоқ йиллар ички ишлар органлари тиббиёт соҳасида самарали хизмат қилган Андижон вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими поликлиникаси бошлиғи, подполковник Дилшодбек Қўчқоров ўз фаолиятини якунлаб, ҳаётининг янги босқичи – пенсия даврига қадам қўйди.
Дилшодбек Қўчқоров кўп йиллик хизмат фаолияти давомида самимийлиги ва барчага бирдек ҳурмат билан муносабатда бўлиши орқали жамоада алоҳида ҳурмат қозонди. Қабулига келган ходимлар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларга доимо эътибор кўрсатиб, кўмак беришга астойдил интилиши билан ҳаммага ўрнак бўлиб келди. Аслида, шифокорлик фақат касалликни даволашдан иборат эмас. Бу – инсонга умид бериш, оғир дамларда унинг ёнида туриш, дардини эшитиб, маънавий далда кўрсатиш ҳамдир.
– Мен ички ишлар органлари ходимининг фарзандиман. Марҳум отамнинг розилиги ва дуосини олиб ушбу соҳани танлаганман, – дейди истеъфодаги подполковник Д. Қўчқоров. – Бир умр падари бузрукворимнинг эзгу васиятига содиқ қолиб хизмат қилдим.
Андижон вилояти ИИБда бўлиб ўтган маънавий тадбир Фидойи ходимнинг кўп йиллик фаолияти учун жамоадошлари томонидан билдирилган юксак миннатдорлик ифодаси бўлди. Унда сўзга чиққан ҳамкасблар қаҳрамонимизнинг одамлар дардига қулоқ тутиш, қийин вазиятларда елкадош бўлиш каби эзгу инсоний фазилатларини алоҳида эътироф этдилар.
Дарҳақиқат, инсоннинг хизмат муддати тугаши мумкин, аммо унинг Ватанга садоқати, касбига муҳаббати ва одамлар қалбига қадаган яхшилик уруғлари мангу барҳаётдир.
© «Postda» газетаси, Дилмурод ХЎЖАМБЕРДИЕВ, Андижон вилояти
