Бухорода “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирлари ва тизимдаги муҳим вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
2026-11-15 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ички ишлар вазири раҳбарлигида “Хавфсиз ва соғлом юрт” профилактик тадбирлари натижалари, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда аҳолига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш каби қатор устувор масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган эди. Шундан келиб чиқиб, 14 ноябрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Вилоят ИИБ бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, ҳудудий ИИО ва барча шахсий таркиб иштирок этган мазкур йиғилишда вазирлик доирасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, ноябрь ойининг ўтган ўн икки куни давомида вилоят ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг натижалари кўриб чиқилди. Жойларда кўзга ташланаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгиланди.
Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида вилоятда Аралаш жанг санъатлари ва волейбол спорт турларини ривожлантириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда жамоалар учун зарурий шароитларни ташкил этиш масалалари ҳам йиғилиш диққат марказида бўлди.
Бундан ташқари, тизимни замон талабларига мослаштириш йўналишида рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ижроси баҳоланди.
Йиғилиш якунида келгусида бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати




