Тадбир. Саломатлик посбонларига эҳтиром
2026-11-13 23:00:00 / Янгиликлар

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлигида тантанали байрам тадбири ўтказилди. Унда ИИВ раҳбарияти, тиббиёт муассасалари ходимлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади.
У ички ишлар органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари ва фахрийлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган эътибори туфайли ИИВ тиббиёт хизматида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Даволаш муассасалари модернизация қилиниб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда.
Бугунги кунда ИИВ тиббиёт тизимида 11 та стационар даволаш муассасаси, 16 та амбулатор поликлиника, санаторий ва ихтисослашган тиббий тузилмалар фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда ҳудудларда янги тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, мавжудлари замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
Қашқадарё, Жиззах, Бухоро, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида янги госпиталлар ташкил этилиши натижасида уларнинг умумий сони 7 тадан 12 тага етказилди.
Бу эса ходимларнинг даволаниш учун пойтахтга бориш заруратини камайтириб, ҳудудларда малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди.
Шунингдек, 2025-2026 йилларда Тошкент шаҳар ИИББ поликлиникаси, Бухоро вилояти ИИБ госпитали, Фарғона вилояти поликлиникаси ҳамда Наманган шаҳридаги госпиталнинг «Маъданли сув билан даволаш» биносида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Тошкент вилояти ИИББ Тиббиёт бўлими эса замонавий талабларга жавоб берадиган, зарур инфратузилма ва қулай шарт-шароитларга эга янги бинога жойлаштирилди.
Айниқса, ИИВ Марказий госпиталида юқори технологик операциялар сонининг сўнгги икки йилда 750 тадан 2 100 тага ошгани соҳадаги янгиланишларнинг амалий натижасидир.
Тантанали маросимда ўз касбига садоқати, юқори малакаси ва самарали меҳнати билан ажралиб турган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан муддатидан олдин махсус унвонлар, идоравий кўкрак нишонлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дарҳақиқат, инсон саломатлигини асраш, дардига малҳам бўлиш нафақат касбий бурч, балки улкан масъулият ва фидойилик намунасидир.
Ички ишлар органлари тиббиёт ходимларининг бу борадаги хизматлари шахсий таркибнинг саломатлиги ва хизматга шайлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Касб байрами муносабати билан ўтказилган тадбир ана шу шарафли касб эгаларига кўрсатилган юксак эҳтиром ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.
© «Postda» газетаси, Жавоҳир Бафоев, мутахассис-мухбир, катта лейтенант.
