ИИВ Академиясига Франция Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Олий тадқиқотлар институти (IHEMI) вакиллари ташриф буюрди
2026-11-13 13:00:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида меҳмонларга мамлакатимиздаги Франция элчихонасининг ички хавфсизлик масалалари бўйича атташеси Сирил Гут ҳамроҳлик қилди.
Учрашув олдидан меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишди. Делегация аъзоларига ўқув даргоҳининг тарихи ва ривожланиш босқичлари, кейинги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар, таълим жараёнидаги илғор миллий ёндашувлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари, келгусидаги устувор мақсадлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг икки томонлама мулоқот ўтказилиб, унда манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Академия бошлиғи делегация раҳбари Тери де Вилдни қутлаб, Ўзбекистон – Франция ўртасидаги дўстона алоқалар изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини алоҳида эътироф этди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш замонавий таҳдид ва хатарлар хавфи ошиб бораётган ҳозирги шароитда долзарб аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашувда икки томонлама манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бошқарув кадрларини тайёрлашда ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилар учун инқирозли вазиятларни бошқариш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, кибертаҳдидларнинг олдини олиш, рақамли ва сунъий интеллект технологиялари бўйича ўқув курслари ташкил этиш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Тери де Вилд мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни алоҳида қадрлашини эътироф этиб, самимий руҳда ўтаётган учрашув ўзаро ишонч муҳитини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш ва манфаатли йўналишларда кенгайтиришга хизмат қилишини айтиб ўтди.
Айтиш жоизки, Франция Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Олий тадқиқотлар институти таълим, илмий-тадқиқот ва стратегик таҳлил билан шуғулланувчи етакчи муассаса ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий вазифаси давлат бошқаруви, хавфсизлик ва адлия соҳаларида юқори малакали раҳбар кадрларни тайёрлаш ҳамда давлат сиёсатини такомиллаштиришга илмий-амалий ҳисса қўшишдан иборат.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати









