ИИВ раҳбарияти томонидан ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказилиб, Бухорода тунги хизмат фаолияти ўрганилди
2026-11-13 08:15:00 / Янгиликлар

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, полковник Диёрбек Саттаров раҳбарлигида республика ички ишлар органлари тизимида ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда кучайтирилган хизмат режимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш, тиббий-профилактик тадбирларни кучайтириш, шахсий таркибни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда зарур ҳолларда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари танқидий муҳокама қилинди.
Шунингдек, ходимларнинг хизмат ва дам олиш тартибига риоя этилиши, жисмоний ҳамда руҳий зўриқишларнинг олдини олиш, саломатлик ҳолатини мунтазам назорат қилиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
Шундан сўнг, вазир ўринбосари Бухоро вилоятида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган профилактик тадбирлар самарадорлиги ва тунги хизмат фаолияти билан танишди. Хусусан, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида ташкил этилган тезкор штаб фаолияти кўздан кечирилиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот тингланди.
Ўрганишлар давомида эришилган натижалар билан бир қаторда, фаолиятда йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди. Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида синовдан ўтган илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил шахслар билан индивидуал ҳамда манзилли ишлаш тизимини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва холисона ҳал этиш, аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда халқ розилигини таъминлаш ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Ўрганишлар бўйича масъул раҳбарлар ва шахсий таркибга тунги хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш, профилактик тадбирлар натижадорлигини ошириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.






