Минтақавий хавфсизлик, уюшган жиноятчилик ва замонавий таҳдидларга қарши курашишда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги кенгаймоқда
2026-11-13 08:15:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда тезкор ахборот алмашинувини ривожлантириш масалаларига бағишланган навбатдаги идоралараро учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки давлат Идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, чегарабўйи ҳудудларидаги ички ишлар органлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Мулоқот давомида қидирув фаолияти, трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, шунингдек, жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва тергов ҳаракатларини мувофиқлаштириш соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланмасига қарши курашиш, суд-экспертлик фаолиятида тажриба алмашиш, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда виртуал активлардан фойдаланган ҳолда содир этилаётган фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш борасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Айниқса, рақамли технологиялар ривожланиши билан жиноятчиликнинг янги шакллари пайдо бўлаётгани, уларнинг аксарияти давлат чегараларидан ташқарида ташкил этилиши мумкинлиги инобатга олиниб, бундай ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда тезкор ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг аҳамияти қайд этилди.
Музокаралар якунида идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва амалий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган йиғилиш баённомаси имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат ички ишлар органлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ташриф доирасида хорижлик ҳамкорлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Уларга вазирлик тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ички ишлар органларининг замонавий имкониятлари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида жорий этилган янги ёндашувлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, замонавий махсус техника ва воситалар тақдимоти ташкил этилиб, уларнинг функционал имкониятлари намойиш қилинди.
Мамлакатимизга ташриф дастури доирасида ҳамкорларнинг Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ички ишлар бошқармалари фаолияти билан танишиши ҳам режалаштирилган. Ушбу ташрифлар давомида ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, туристик объектларда хавфсизлик чораларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилиши кўзда тутилган.
Умуман, мазкур учрашув Ўзбекистон ва Тожикистон ички ишлар органлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий таҳдидларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.









