Шифо бахш этиб
2026-11-11 23:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари ходимлари куни арафасида узоқ йиллик фидокорона меҳнати ва юксак касбий маҳорати учун шифокор, подполковник Ирина Каримова II даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланди.
У ички ишлар органлари тиббиёт хизматидаги фаолиятини 1995 йилда Тошкент шаҳар ИИББ Поликлиникасида участка шифокор-терапевти сифатида бошлаган.
Кейинчалик кўп йиллар ИИВ Марказий поликлиникаси терапия бўлинмасига раҳбарлик қилди. 2016 йилдан бошлаб унинг хизмати ИИВ Марказий ҳарбий-тиббий комиссияси билан боғлиқ бўлди: бош эксперт - шифокор-терапевт сифатида шахсий таркиб соғлиғини баҳолашга оид мураккаб масалаларни мувофиқлаштирди.
Лавҳамиз қаҳрамонининг бой билим ва тажрибаси янги босқичда ҳам қўл келмоқда. 2023 йилдан буён Ирина Каримова ИИВнинг «Ўзбекистон» санаторийсида кардиология бўлинмасини бошқариш жараёнида нафақат шифокор сифатида истеъдодини, балки ташкилотчилик қобилиятини ҳам намоён этмоқда.
Унинг раҳбарлигида бўлинмада кардиология йўналишида диагностика стандартлари санаторий имкониятлари билан муваффақиятли уйғунлаштирилиб, реабилитация ишлари сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқилди.
Соҳа фахрийлари соғлиғига ғамхўрлик лавҳамиз қаҳрамони учун устувор вазифалар қаторидадир. Беморлар уни нафақат ўз ишининг моҳир мутахассиси, балки қалби дарё, самимий инсон сифатида ҳурмат қилишади.
Меҳнатимга берилган юксак баҳо учун миннатдорман. Мукофотни бутун жамоамиз хизматининг эътирофи деб биламан, -дейди подполковник Ирина Каримова. - Бундай рағбат бизни янада ғайрат-шижоат билан хизмат қилишга руҳлантиради.
© «Postda» газетаси, Радик Тумпаров.
