Ўзбекистон (ММА) терма жамоаси жаҳон чемпионатида кучли бешликдан жой олди
2026-11-11 08:05:00 / Янгиликлар

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида 1–7 ноябрь кунлари аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионатида дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан 800 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси шафелигида ўтказилган мазкур жаҳон биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси 30 нафар спортчи билан иштирок этди. Таркибдан нафақат эркаклар, балки аёл спортчиларнинг ҳам жой олгани мамлакатимизда ушбу спорт турининг оммавийлиги ошиб бораётгани ва муносиб захира шаклланаётганидан далолат беради. Жисмоний ва тактик тайёргарлик, зарба техникаси ҳамда ҳимояланиш маҳорати синовдан ўтган муросасиз беллашувларда вакилларимиз жами 8 та медални — 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида кучли бешликдан жой олди.
Катталар ўртасидаги беллашувларда терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 7-ўринни эгаллади. Вакилларимиз қуйидаги натижаларни қайд этишди:
• Олтин медаль: Ўғилой Жуманова;
• Кумуш медаль: Мустафо Қадамов;
• Бронза медаль: Жанобиддин Сатторов.
Аёллар ўртасида жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлган Ўғилой Жуманова ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
«Авваламбор барча қўллаб-қувватлаб турган ўзбекистонликларга, ота-онам, мураббийим — барчасига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мана бу мусобақа мен учун учинчи жаҳон чемпионати бўлиб, ўтган сафар жароҳат туфайли яхши натижа кўрсата олмаган эдим. Бу сафар олтин медаль насиб қилди. Биринчи аёллар ўртасида жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлганимдан жуда ҳам хурсандман».
Ёшлар терма жамоаси ютуқлари
Ёшлар терма жамоамиз мусобақада янада юқори натижа кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни банд этди. Финал жангида ҳамюртимиз Хуршидахон Рўзиқова яна бир вакиламиз Нилуфар Ўроловадан устун келиб, олтин медалга эга чиқди. Ўролова эса кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Дониёр Қувондиқов кумуш, Фирдавс Атамуратов ва Ферузбек Файзиев эса бронза медалларини терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйишди.
Мусобақа якунларига кўра, 40 та медаль жамғарган Россия терма жамоаси 1-ўринни, 9 та медаль билан Тожикистон 2-ўринни, 6 та медаль қўлга киритган Финляндия эса 3-ўринни эгаллади. Ўзбекистон терма жамоаси 8 та медаль билан жаҳоннинг энг кучли бешта жамоаси сафидан ўрин олди.
Мазкур чемпионат спортчиларимиз учун катта халқаро тажриба ва маҳорат синови бўлиб хизмат қилди. Терма жамоамизнинг келгуси режалари ҳақида Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари (ММА) ассоциацияси раиси ўринбосари Шуҳрат Анваров шундай деди:
«Жаҳон чемпионатидан ташқари, олдимизда яна муҳим мусобақалар турибди. Ҳозирда Қарши шаҳрида Ўзбекистон кубоги баҳсларини ўтказамиз. Ушбу мусобақа якунларига кўра терма жамоа таркибидаги йигитларни яна бир бор саралаб оламиз. Шундан сўнг 5–7 декабрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этамиз».
Хулоса қилиб айтганда, Тбилисида қўлга киритилган ушбу тарихий натижалар мамлакатимизда спортга, хусусан, яккакураш турларига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий самарасидир. Ёш ва катталар терма жамоамиз аъзолари намойиш этган юксак маҳорат, матонат ва ғалабага бўлган кучли ирода келгуси халқаро ареналарида ҳам Ўзбекистон байроғи янада баланд кўтарилишига мустаҳкам замин яратади.



