Янги Ўзбекистон - янги ички ишлар органлари. Барча қулайликларга эга
2026-11-11 09:00:00 / Янгиликлар

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида 4-сонли ИИБнинг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, туман ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, фахрийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, замонавий талаблар асосида қисқа муддатда бунёд этилган уч қаватли янги маъмурий бинода барча қулайликларга эга 22 та хизмат хонаси ташкил этилган бўлиб, улар замонавий технологиялар ва зарурий жиҳозлар билан таъминланган.
Ушбу ИИБ тумандаги 14 та маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатади. Илгари бўлим бир қаватли эски бинода фаолият юритиб келган эди. Бинонинг фойдаланишга топширилиши ходимларнинг хизмат шароитларини тубдан яхшилаш билан бирга, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудуд осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Тантанали маросимда ўз хизмат бурчини сидқидилдан бажариб келаётган уч нафар профилактика инспектори янги уй-жой билан таъминлангани ҳам эълон қилинди. Бу ички ишлар органлари ходимларини ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг шароитини яхшилашга қаратилган эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.
© «Postda» газетаси, Сарвар СОБИРОВ, Тошкент шаҳри.
