Кўрик-танлов. Назокат ортидаги шижоат
2026-11-09 23:00:00 / Янгиликлар

Жамоат хавфсизлиги университетида «Ватан меҳри юрагимда» шиори остида «Тўмарис издошлари» кўрик-танлови ўтказилди.
Унда куч тузилмалари ва ҳарбий идораларнинг 7 жамоаси 7 та шарт бўйича ўзаро беллашди. Қатнашчилар «Таништирув», «Заковат» интеллектуал билимлар беллашуви, ўқ отиш, ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик, «Эпчил, тежамкор ва ораста бека», «Истеъдод ва маҳорат» шартлари бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этдилар.
Шунингдек, «Эпчил, тежамкор ва ораста бека» шарти иштирокчиларнинг миллий таом тайёрлаш маҳоратини, «Истеъдод ва маҳорат» шарти эса ижодий қобилиятларини синовдан ўтказди. Ҳар бир шарт нафақат ғолиблик учун кураш, балки ўзаро тажриба алмашиш, дўстлик ва ҳам-жиҳатликни мустаҳкамлаш майдонига айланди.
Кўрик-танловнинг якуний босқичи ИИВ Маданият саройида бўлиб ўтди. Танлов якунига кўра, «Шижоат усталари» номинациясида ички ишлар вазирлиги терма жамоаси, «Аниқ зарба» номинациясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати жамоаси ғолиб деб топилди.
«Ақл чархи» номинациясида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси, «Чексиз ғайрат» номинациясида Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги, «Ватан юрагимда» номинациясида эса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиб жамоалар Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
© «Postda» газетаси, Адолат Файзиева, Тошкент шаҳри
