Республика ИИВ Академияси магистрантлари Тошкент вилояти ИИББда амалиёт ўташмоқда
2026-11-09 09:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ўртасида кадрлар тайёрлаш жараёнини амалий тажриба билан уйғунлаштириш, тингловчиларнинг назарий билим ва касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Мазкур ҳамкорлик доирасида Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратурасида таҳсил олаётган тингловчиларнинг навбатдаги илмий-амалий ва малакавий амалиёти жорий йилнинг 2-ноябрь куни бошланди. Амалиётнинг дастлабки кунида тингловчилар Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида ИИББ соҳавий хизматларининг асосий вазифалари, Ситуация-таҳлил маркази, Туризмда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси, Махсус қабулхона ва Реабилитация маркази, Бўстонлиқ тумани ИИБ фаолияти ҳамда “102” қисқа рақамига келиб тушадиган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларга тезкор муносабат билдириш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, тингловчилар Бош бошқарманинг Рақамлаштириш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш бўлимлари ва Киберхавфсизлик бошқармаларига ташриф буюриб, ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, замонавий технологиялар ҳамда хизмат фаолиятида қўлланилаётган илғор тажрибалар билан танишдилар.
Учрашувлар давомида соҳа мутахассислари томонидан вилоят ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.
Бундай амалий машғулотлар бўлажак раҳбар кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш, назарий билимларини реал хизмат жараёнлари билан мустаҳкамлаш ҳамда илғор иш тажрибаларини ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
ИИВ Академияси магистратура тингловчиларининг Тошкент вилояти ИИББдаги илмий-амалий ва малакавий амалиёти давом этмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









