Халқ дарди билан яшаш – асосий мақсад: Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Шофирконда сайёр қабул ўтказилди
2026-11-08 13:00:00 / Янгиликлар

Аҳоли муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларнинг дард-у ташвишларига қулоқ тутиш ва кундалик ҳаётдаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан Шофиркон туманидаги “Мирзоқул” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилди.
Юзма-юз мулоқот ва самимий суҳбат тарзида кечган учрашувда 20 га яқин фуқаронинг турли йўналишдаги мурожаатлари тингланди. Қабул давомида аҳоли томонидан асосан ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий ҳимоя, бандлик ва ҳуқуқий масалаларга оид қатор муаммолар ўртага ташланди.
Хусусан, фуқаролар томонидан ички йўлларни таъмирлаш, мактаблардаги шароитларни яхшилаш, кўчаларни электрлаштириш ва эскирган трансформаторларни алмаштириш, шунингдек, хонадонларни табиий газ тармоғига улаш каби муҳим коммунал масалалар кўтарилди.
Бундан ташқари, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни ижтимоий реестрга киритиш, талаба фарзандларининг тўлов-контракт пулларини тўлашда ёрдам бериш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ер ажратиш, соғлиғини тиклаш учун даволаниш ҳамда ногиронлик пенсиясига чиқиш каби масалаларда амалий ёрдам сўралди. Болалар нафақаси тайинлаш, ёшларни бепул касб-ҳунар курсларига жалб этиш, фарзандларини доимий иш ўрни билан таъминлаш ҳамда суд қарорлари ижросини таъминлаш борасидаги мурожаатлар ҳам эътибордан четда қолмади. Айниқса, ёлғиз яшовчи аёлнинг яшаш хонадонидан сув ўтаётганлиги сабабли уйни таъмирлашда кўмак сўраб қилган мурожаати алоҳида назоратга олинди.
Ҳар бир мурожаат вилоят ва туман даражасидаги барча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида бирма-бир, чуқур таҳлил қилинди. Қувонарлиси шундаки, кўтарилган масалаларнинг айримлари шу ернинг ўзида ижобий ечим топди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга аниқ муддатлар белгиланиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Сайёр қабул доирасида бошқарма бошлиғи “Мирзоқул” маҳалласининг "еттилиги" билан ҳам алоҳида учрашув ўтказди. Мулоқот давомида маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, аҳоли муаммоларини "қадамма-қадам" ўрганиш орқали тизимли ҳал этиш, шунингдек, ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан масъулларга қатор муҳим вазифалар юклатилди.
Бу каби сайёр қабуллар халқ ва давлат идоралари ўртасидаги ишонч кўпригини мустаҳкамлаб, одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.









