Водий ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ўрганилди
2026-11-08 12:55:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, полковник Тимур Исмаилов Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида бўлиб, ҳудудларда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Хусусан, Фарғона вилояти Марғилон шаҳар ва Ёзёвон тумани, Андижон вилояти Балиқчи тумани ички ишлар бўлимларида «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги доирасида ташкил этилган тезкор штаблар фаолияти кўздан кечирилиб, масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ўрганишлар давомида жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, маҳаллалар кесимида профилактик ишларнинг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Полковник Тимур Исмаилов хизмат фаолиятини кунлик таҳлил қилиб бориш, мавжуд муаммоларга манзилли ечим топиш ва бу борада раҳбарларнинг шахсий масъулиятини янада кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Шунингдек, ташриф доирасида Фарғона вилояти ИИБ Кинология хизматининг янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган биноси кўздан кечирилди. Хизмат фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар, хизмат итларини сақлаш ва парваришлаш имкониятлари билан танишилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати




