Ҳушёрлик -хотиржамлик гарови
2026-11-07 23:30:00 / Янгиликлар

«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида Андижон туманидаги аҳоли гавжум масканларда профилактик тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, автошоҳбекатлар ва марказий деҳқон бозори ҳудудларида ташкил этилган тарғибот ишларида ўғрилик, шунингдек, тиғли буюмлардан фойдаланган ҳолда содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Намойиш этилган таъсирчан видеороликлар ёрдамида фуқароларга шахсий буюмлари ва мол-мулкини асраш, жамоат жойларида ҳушёрликни йўқотмаслик, заруратсиз тиғли буюмларни олиб юришнинг аянчли оқибатлари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
- Бугун ҳамманинг ўзига яраша ташвиши бор, - дейди тумандаги «Қумкўча» маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Неъматжон Обиджонов. - Назаримда, одамлар орасида ҳушёрлик бироз сусайгандек. Ҳолбуки, «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тут-ма», деган нақл бежиз айтилмаган.
Бундай тадбирлар бизга огоҳликни йўқотмаслик, жойларда хавфсизликни таъминлашни аввало, ўзимиздан бошлашимиз кераклигини уқтиради.
Шунингдек, тадбир давомида бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири бўлган кибержиноятчиликнинг олдини олиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Фуқароларга «APK Qoʻriqchi» мобил иловасининг имкониятлари ҳақида маълумот берилиб, уларни мазкур тизимга улаш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Айни пайтда бу каби профилактик ва тарғибот тадбирлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилмоқда.
© «Postda» газетаси, Шерзодбек Нуриддинов, майор. Андижон вилояти.
