“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида “Молиявий ёрдам” ниқоби остидаги йирик фирибгарлик фош этилди
2026-11-06 17:50:00 / Янгиликлар

Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик ойлигининг 3-босқичи доирасида, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган шахс фаолияти фош этилди.
1978-йилда Олмалиқ шаҳрида туғилган Ким Павел Леонидович ва унинг жиноий шериги 1974 йилда Тожикистонда туғилган Джарлакабов Талибжан Абдумамитовичлар кўплаб фуқароларга молиявий ёрдам сифатида, ўз ҳисобидан пул маблағларини, қарзга бериб, ўзининг кафолати сифатида мижозлардан, қарзга берган пулларидан 10 баробар кўп миқдорда пул олганлиги ҳақида тилхат ёздириб олишга эришган.
Жабрланувчи фуқаролардан келиб тушган мурожаат мазмунига кўра, Ким Павел Леонидович ва унинг жиноий шериги Джарлакабов Талибжан Абдумамитович фуқарога 1.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қарз сифатида беради ва 10 минг АҚШ доллари олганлиги ҳақида тилхат ёздириб олади.
Орадан бироз вақт ўтгач, у фуқарога берган пуллардан, 10 баробар кўп миқдорда кўрсатилган тилхат билан, фуқаролик судларига мурожаат қилиш орқали ҳал қилув қарорини чиқаради.
Шу тариқа ушбу шахс, жабрланувчиларнинг ҳар ойлик иш ҳақини ўзининг манфаати учун фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган.
Жиноят иши доирасида ушбу шахсларга тегишли яшаш хонадони ҳамда иш офиси ўрганилганда, фуқароларга тегишли 100 га яқин тилхатлар кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни берувчи 55 та уй-жойларнинг кадастр ҳужжатлари, 1 дона пневматик қурол, ҳамда Мажбурий ижро бюросининг 50 га яқин фуқаролардан пул ундириш тўғридаги ҳужжатлари борлиги аниқланди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги, Тергов бошқармаси томонидан, ушбу жиноий гуруҳ фаолиятидан жабр кўрган 65 нафар фуқароларнинг аризалари қабул қилинди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Ким Павел Леонидовичга нисбатан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 188-моддаси 1-қисми, ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» бандлари билан, Джарлакабов Талибжан Абдумамитовичга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Суднинг қарори билан уларнинг ҳар иккисига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
ҲУРМАТЛИ ЮРТДОШЛАР!
Агарда Сиз ҳам ушбу шахслардан жабр кўрган бўлсангиз ёки уларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент вилояти ИИББнинг +99871-762-20-82 ЁКИ 102 РАҚАМЛАРИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШИНГИЗНИ СЎРАЙМИЗ. (Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади).





