Аҳолини энергетика ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, коррупция ва талон-торожликка қарши курашиш чоралари белгиланди
2026-11-06 08:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигида аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз ва сифатли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов иштирокида, вазир ўринбосарлари, соҳавий ва ҳудудий хизматларнинг раҳбарлари, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмалари мутасаддилари, шунингдек “LPG-Trade” МЧЖ масъуллари иштирок этдилар.
Йиғилишда куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергетика ресурслари, жумладан, кўмир, табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, маҳсулотларнинг белгиланган манзилга ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини назорат қилиш, таъминот жараёнида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар, ўзлаштириш ва талон-торожликларнинг олдини олиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, куз-қиш мавсумида энергетика ресурсларига бўлган талабнинг ортиши уларни етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга етказиш жараёнларида қатъий назоратни талаб этади. Бу борада ҳар бир масъул идора ва ташкилотнинг вазифаси, ваколати ҳамда жавобгарлик доирасини аниқ белгилаш, мавжуд имкониятларни бир мақсад йўлида сафарбар этиш муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, суюлтирилган газ баллонларини аҳолига белгиланган график асосида етказиб бериш, ажратилган ресурсларнинг ҳисобини юритиш, ташиш ва тарқатиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, истеъмолчилардан асоссиз тўловлар талаб қилиниши ёки маҳсулотнинг белгиланган меъёрдан кам етказиб берилиши каби ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишнинг муҳим йўналишларидан бири энергетика ресурсларини тақсимлаш ва етказиб бериш тизимида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўлди.
Жумладан, ажратилган газ ва кўмир маҳсулотларининг ҳақиқий ҳажми билан ҳисоботларда кўрсатилган маълумотлар ўртасидаги тафовутлар, маҳсулотларнинг белгиланган истеъмолчиларга етказилмаслиги, сохта маълумотлар киритиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ноқонуний воситачилик ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган тезкор-профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Бу борада тегишли идоралар билан ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, келиб тушаётган мурожаатларни ҳар бир ҳолат кесимида ўрганиш, аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш, айниқса, тизимли тус олган камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўтган бир ой давомида амалга оширилган ишлар натижасида аниқланган коррупциявий ҳолатларга эътибор қаратилди.
Жумладан, кўмир маҳсулотини ноқонуний сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жами 16 та ҳолатлар аниқланиб, жами 333 тонна 540 кг кўмир маҳсулотлари ноқонуний муомаладан мусодара қилиниб, аҳолига эҳтиёжлари учун етказилди.
Шунингдек, суюлтирилган газни ноқонуний сақлаш, ўтказиш билан боғлиқ жами 374 та ҳолат аниқланиб, ноқонуний муомаладан жами 9 139 дона газ баллонлари ҳамда 92 тн 936 кг суюлтирилган газ мусодара қилиниб, аҳоли истеъмоли учун қайтариш чоралари кўрилди.
Масалан, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд вилоятида “Pastdargʻomtumangaz” газ таъминоти корхонаси ходимлари олдиндан жиноий тил бириктириб, аҳоли истеъмоли учун ажратилган углеводород гази тўлдирилган маиший газ баллонларини махсус транспорт воситалари ёрдамида талон-тарож қилаётганликлари аниқланиб, қиймати 32 млн сўмлик жами 3 тонна 100 кг углеводород газ маҳсулотлари мусодара қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Pastdarg‘omtumangaz” газ таъминоти корхонаси ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда ҳолатнинг бошқа тафсилотлари аниқланмоқда.
Шу муносабат билан ички ишлар органларининг соҳавий хизматларига ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддиларига вазифалар қўйилди.
Хусусан, ҳудудларда таъминот билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, энергетика маҳсулотларининг темир йўл орқали ташилишида юклар бутлиги ва манзилга етиб боришини назорат қилиш, уларни ташувчи транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш, газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базаларида қўриқлашни кучайтириш, моддий бойликларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик чораларини кўриш топширилди.
Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан ҳамкорликда суюлтирилган газ баллонларини аҳолига ўз вақтида етказиб бериш, маҳсулот ҳажми ва тақсимотининг ҳисобини юритиш, таъминотдаги узилишлар сабабларини аниқлаш ҳамда истеъмолчилар мурожаатларини ҳал этиш, Транспорт вазирлиги билан биргаликда энергетика маҳсулотларини ташиш логистикаси ва белгиланган йўналишларга риоя этилишини назорат қилиш вазифалари белгиланди. Кўмир таъминотига масъул ташкилотлар билан эса маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш ва аҳолига етказиш жараёнларида ҳисобдорликни таъминлаш юзасидан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида масъул хизматлар ва ҳамкор ташкилотларга белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳудудлардаги ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.




