БМТ делегацияси билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди
2026-11-05 15:00:00 / Янгиликлар

Жорий йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари вазифасини бажарувчиси - Терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Александр Зуев бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Меҳмонлар Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Мирмансур Мирхамидов томонидан кутиб олинди.
Ташриф муносабати билан, икки томонлама учрашув ташкил этилиб, унда терроризмга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича алоқаларни кучайтириш ҳамда истиқболда белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мулоқот давомида терроризмга қарши курашиш бўйича ходимларнинг малакасини ошириш, илғор тажрибаларни алмашишга қаратилган масалалар хусусида фикр алмашилди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда келгусидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.



