Ёшлар - келажак бунёдкори. Бурч масъулияти
2026-11-05 23:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида хизмат қилиш шунчаки касб эмас, балки бурч, қалб амри ва садоқат имтиҳонидир. Ана шундай шарафли йўлни танлаган, ёш, ғайратли офицерлардан бири Тошкент вилояти ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Аслиддин Абдураимовдир.
Ёш ходим дастлабки хизмат фаолиятини Тошкент вилояти ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Маънавий-маърифий ишлар бўлимида бошлади.
Машаққатли хизмат, қатъий тар-тиб-интизом, юқори масъулият ёш офицернинг иродасини янада тоблади. Назария ва амалиётни мужассамлаштирган ҳолда, ўз зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариши раҳбарият ва ҳамкасблари эътиборидан четда қолмади.
2025 йилнинг баҳорига келиб, Аслиддин Абдураимов ҳозирги лавозимига тайинланди. Бу бутун бир вилоят миқёсидаги ёш ходимлар, тизимга эндигина қадам қўяётган умидли авлод билан ишлашдек ўта масъулиятли вазифа эди.
Юрагида ғайрат-шижоат жўш урган катта лейтенант бу вазифага ҳам астойдил киришди. Инсоннинг хизматдаги ва ҳаётдаги муваффақиятлари, энг аввало, унинг мустаҳкам оиласига боғлиқ.
Турмуш ўртоғи Мадинахон билан биргаликда аҳил-иноқ яшаётган лавҳамиз қаҳрамони 2025 йилда оталик бахтига сазовор бўлди. Хонадонда дунёга келган Азиз-бекнинг шодон кулгиси уйга ажиб бир файз-барака бахш этди.
Аслиддиннинг зиммасидаги масъулиятни, ҳаётга ва Ватанга бўлган муҳаббатини янада оширди.
Дарвоқе, у жорий йилда ички ишлар органлари ёш ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг «Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!» шиори остида ўтказилган VI Республика ёшлар форуми доирасидаги «Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси» танловида ғолибликни қўлга киритди.
© «Postda» газетаси, Аброр Поёнов, катта мутахассис-мухбир, катта сержант. Тошкент вилояти.
