Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти иштирокида сунъий интеллект, рақамли трансформация ва киберхавфсизлик масалалари муҳокама қилинди
2026-11-05 10:05:00 / Янгиликлар

Қарши давлат техника университетида «Сунъий интеллект, рақамли трансформация ва инновацион технологиялар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари, шаҳар ва туман ИИБ бошлиқлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида дастлаб вилоят ИИБ бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов сўзга чиқиб, ҳудудда кибержиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг киберхавфсизлик борасидаги билим ва саводхонлигини ошириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Хусусан, вилоят ҳокимининг 2026 йил 16 мартдаги 110-сон қарори ижроси доирасида давлат органлари, ташкилотлар ва таълим муассасалари иштирокида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, кибержиноятлар билан боғлиқ мурожаатлар сони 5 фоизга камайишига эришилгани таъкидланди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «APK Qoʻriqchi» мобил иловасини фуқароларнинг Андроид тизимида ишловчи телефонларига ўрнатиш орқали зарарли APK файллар ёрдамида содир этиладиган кибержиноятларнинг олдини олиш борасида самарали натижаларга эришилаётгани қайд этилди.
Хусусан, мазкур турдаги кибержиноятлар октябр ойида аввалги ойларга нисбатан 77 фоизга камайган.
Бугунги кунга қадар 900 мингга яқин фуқаронинг мобил қурилмасига ушбу илова ўрнатилган.
Анжуманда, шунингдек, вилоятда содир этилаётган кибержиноятларнинг асосий усуллари, жумладан, сохта ҳаволалар ва зарарли иловалар, онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар, сохта инвестиция таклифлари ҳамда кредит расмийлаштириш билан боғлиқ алдовлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Фуқароларни бундай таҳдидлардан огоҳ этиш ва уларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









