ИИВ Малака ошириш институтида жисмоний ва жанговар тайёргарликни такомиллаштириш масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди
2026-11-05 10:50:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида “ИИО тизимида жисмоний ва жанговар тайёргарлик: халқаро тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва миллий амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтиришга қаратилди.
Конференцияда давлат органлари ва ташкилотлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, шунингдек, Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирни ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, полковник, техника фанлари номзоди, профессор Олимжон Турсунбаевич Ахмедов кириш сўзи билан очиб, ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини юксалтириш, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ҳамда самарали усулларни миллий амалиётга жорий этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Анжуман давомида халқаро тажриба ва миллий амалиётни уйғунлаштириш, самбо ва бошқа спорт турларининг ходимлар касбий-амалий тайёргарлигидаги имкониятларидан самарали фойдаланиш, таълим жараёнига замонавий ва инновацион ёндашувларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, иштирокчилар соҳада мавжуд тажрибалар, илмий изланишлар ва амалий натижалар юзасидан фикр алмашиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро конференция ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини янги босқичга олиб чиқиш, илғор хорижий тажрибаларни оммалаштириш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимига замонавий ёндашувларни жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлди.
ИИВ Малака ошириш институти









