Қашқадарё вилоятида ички ишлар органлари ходимларининг рақамли саводхонлиги ва кибержиноятчиликка қарши курашиш салоҳиятини оширишга қаратилган махсус ўқув маркази ташкил этилди
2026-11-05 10:00:00 / Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи давомида кибержиноятчиликнинг кўп ҳолатлари аҳолининг рақамли саводхонлиги етарли эмаслиги оқибатида содир этилаётгани таъкидланиб, банк тизимида хавфсизликни кучайтириш ҳамда аҳоли ўртасида киберхавфсизлик бўйича огоҳликни ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг рақамли саводхонлигини ошириш ва уларнинг кибержиноятларга қарши курашиш борасидаги касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида Қарши давлат техника университетида вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда махсус ўқув маркази ташкил этилди.
Марказнинг очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов, Қарши давлат техника университети ректори Шерзод Неъматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув маркази, аввало, Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг касбий билим ва малакасини ошириш, кибержиноятларнинг янги усул ва кўринишларига қарши курашиш борасида замонавий билим ва амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилди.
Марказда ички ишлар органлари ходимларига рақамли технологиялар, сунъий интеллект воситалари, кибержиноятларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, электрон далиллар билан ишлаш ҳамда замонавий ахборот технологияларидан тезкор-амалий фаолиятда самарали фойдаланиш бўйича назарий билим ва амалий кўникмалар берилиши кўзда тутилган.
Очилиш маросимидан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи марказда яратилган шароитлар, мавжуд техник имкониятлар ва ўқув машғулотларини ташкил этиш жараёни билан яқиндан танишди.
Масъулларга ички ишлар органлари ходимларининг рақамли саводхонлигини ошириш, машғулотларни амалиёт билан узвий боғлиқ ҳолда ташкил этиш ҳамда марказ имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан соҳа ходимлари учун замонавий киберхавфсизлик таҳдидлари, кибержиноятларни аниқлаш ва фош этиш усуллари, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан амалий фаолиятда фойдаланиш масалаларига бағишланган машғулотлар ва тушунтиришлар олиб борилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






