Туркия Республикаси Элчисининг Ички ишлар вазирлигига эҳтиром ташрифи амалга оширилди
2026-11-05 16:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов билан Туркия Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уфук Улуташ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари сўнгги йилларда янги мазмун билан бойиб, сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишлар билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Мулоқот давомида икки давлат ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, жиноятчиликка қарши курашиш, терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотраффик ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш борасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Томонлар икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканликларини қайд этиб, истиқболли вазифаларни белгилаб олдилар.



