Қатар Давлати Элчисининг Ички ишлар вазирлигига ташрифи чоғида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-11-05 15:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов Қатар Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим билан учрашди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Учрашув давомида икки давлат ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотрафик ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти қайд этилди.
Томонлар соҳадаги ўзаро алоқаларни амалий мазмун билан бойитиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда белгиланган йўналишларда ҳамкорликдаги ишларни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашдилар.



