Давр талабига мос
2026-11-05 07:15:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти ИИБ Тезкор бошқарув марказининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тезкор бошқарув марказида ички ишлар органларининг профилактика, патруль-пост, йўл-патруль, пробация, хавфсиз туризм, қўриқлаш ҳамда тезкор хизматлари, шунингдек, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармалари куч ва воситаларининг ягона бошқаруви ташкил этилди. Бинода Вазиятлар маркази, «112» хизмати, Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси, Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика хизмати ҳам жойлашган.
Ҳозирги кунда вилоятдаги 776 та маҳалланинг барчаси рақамлаштирилиб, 40 мингдан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилди ва уларнинг 8412 таси «Қалқон» дастурига интеграция қилинди. «Жиноятчилик таҳлили», «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар статистикаси», «Ягона миграция», «Қўриқлаш хизмати», «Профилактик ҳисоб», «112 тизими», «Менинг инспекторим» ҳамда «Хавфсиз шаҳар» ахборот тизимларининг тегишли модуллари жамланди.
Вилоятда ички ишлар органлари хизматини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ишларини жадаллаштириш мақсадида бунёд этилган Тезкор бошқарув маркази воҳада жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва куч-воситаларни янада самарали бошқаришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси маъмурий ҳудудида «Хотира майдони» ҳамда саф машғулотлари майдони ҳам янгитдан бунёд этилди.
© «Postda» газетаси, Содиқ РАҲИМОВ, Қашқадарё вилояти.
