Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирининг дастлабки натижалари таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди
2026-11-03 09:00:00 / Янгиликлар

Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ички ишлар органларининг устувор вазифаларидан биридир. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Республика миқёсида жорий йилнинг 1 ноябридан 1 декабрига қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирларининг 3-босқичи ўтказилмоқда. Мазкур тадбир доирасида вилоят ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва криминоген вазият барқарорлигини таъминлашга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан Наманган вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигида тадбирлар ижросини мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Унда амалга оширилаётган ишлар ва дастлабки натижалар таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда барча шаҳар ва туманларда профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш, аниқ ва манзилли ишларни кучайтириш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, тунги хизматга жалб этилган нарядларга хизматни самарали ташкил этиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати







