Сурхондарёда ички ишлар органлари ходимлари иштирокида хизмат интизоми, қонунийлик ва киберхавфсизлик масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар ўтказилди
2026-11-03 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарининг тегишли фармойишига асосан ташкил этилган вазирлик ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг барча соҳавий хизматлари, шаҳар ва туман ички ишлар органлари ҳамда Қўриқлаш хизмати шахсий таркиби иштирокида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш ҳамда Киберхавфсизлик департаментлари, шунингдек, ИИВ Ахборот хизмати масъул ходимлари иштирок этиб, ички ишлар органлари ходимларининг кундалик хизмат фаолиятида алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берди.
Хусусан, семинар давомида ички ишлар органлари ходимларининг хизмат ва ижро интизомига қатъий риоя этиши, раҳбар ва ходимларнинг хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашиши, қонунийлик ҳамда хизмат этикаси талабларига амал қилиши, шунингдек, фуқаролар билан мулоқот жараёнида хушмуомалалик ва касбий маданиятни намоён этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бугунги рақамли технологиялар жадал ривожланаётган шароитда киберхавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, хизмат фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, хизматга оид маълумотларнинг махфийлигини сақлаш, шахсий маълумотлар ва ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш, турли киберхавфлар ҳамда интернет орқали содир этиладиган фирибгарлик ҳолатларидан огоҳ бўлиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Семинар давомида назарий маълумотлар билан бир қаторда, кундалик хизмат фаолиятида учраши мумкин бўлган турли вазиятлар мисолида амалий тушунтиришлар ҳам берилди. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик чоралари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирнинг савол-жавоб қисмида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилиб, хизмат фаолиятида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан амалий тавсиялар билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай ўқув-амалий семинарлар ички ишлар органлари ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга нисбатан огоҳликни кучайтириш ҳамда тизим фаолиятида ягона ёндашувни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









