Сурхондарёда куз-қиш мавсумига тайёргарлик: суюлтирилган газ таъминоти қатъий назоратда
2026-11-02 20:00:00 / Янгиликлар

Аҳоли хонадонларида иссиқлик ва хотиржамликни таъминлаш, энергия ресурсларининг манзилли ҳамда ўз вақтида етказиб берилишини назорат қилиш — долзарб вазифалардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари ўрганилмоқда.
Ўрганишлар давомида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир ҳамда суюлтирилган газ маҳсулотлари билан таъминлаш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ушбу муҳим энергия ресурсларининг талон-торож қилиниши ва ноқонуний ўзлаштирилишининг олдини олиш, таъминот жараёнида шаффофликни таъминлаш масалалари назоратга олинган.
Дастлабки назорат тадбирлари Музработ ва Жарқўрғон туманларидаги суюлтирилган газ тўлдириш ҳамда тарқатиш станцияларида ўтказилди.
Жараёнда станцияларда ёнғин ва техник хавфсизлик қоидаларига амал қилиниши, маиший газ баллонларини белгиланган тартибда тўлдириш, шунингдек, уларни тасдиқланган график асосида аҳолига ўз вақтида етказиб бериш ҳолати атрофлича кўздан кечирилди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби профилактик ва назорат тадбирларининг асосий мақсади — қишнинг совуқ кунларида аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, халқ манфаатларига хизмат қилиши лозим бўлган маҳсулотларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймасликдан иборат.
Зеро, ҳар бир хонадонда иссиқлик, ҳар бир оилада хотиржамлик бўлиши учун таъминот тизимида тартиб, масъулият ва қонунийлик муҳим аҳамият касб этади.
Сурхондарё вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, энергия ресурслари таъминоти ва уларнинг сақланиши устидан назорат тадбирлари вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан ҳудудлар кесимида изчил давом эттирилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






