Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда “Huawei Tech. Investment Tashkent” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона ўртасида Англашув меморандуми имзоланди
2024-10-11 13:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари полковник Зуфар Қурбонов ва “Huawei Tech. Investment Tashkent” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона раҳбари Чэнь Цзякай (Chen Jiakai) жаноблари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда томонлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кибермаконда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасига илғор рақамли технологияларни жорий этиш ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда хорижий корхона имкониятларидан кенг фойдаланиш каби масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда “Huawei Tech. Investment Tashkent” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу келишувдан кўзланган мақсад — кибержиноятларга қарши курашиш, булутли технологияларда хавфсизликни таъминлаш, сунъий интеллектга асосланган дастурий таъминотлар ҳамда “хавфсиз шаҳар” тизимида кибержиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ечимларни ишлаб чиқиш.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида истиқболли вазифаларни белгилаб олдилар.