Бухоро вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик: Кўмир ва суюлтирилган газ таъминоти қатъий назоратда
2026-11-01 18:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, хусусан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кўмир ҳамда суюлтирилган газ маҳсулотларини етказиб бериш жараёнлари ўрганилди.
Асосий эътибор ушбу муҳим энергия ресурсларининг талон-торож қилинишининг олдини олиш ва таъминотнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилди.
Дастлабки ўрганиш ишлари Когон туманида жойлашган "Маҳалла тадбиркори" МЧЖга қарашли кўмир тарқатиш омборида олиб борилди. Мазкур базадан Ромитан, Когон, Бухоро ва Жондор туманлари аҳолиси ҳамда муассасаларига кўмир маҳсулотлари тарқатилади.
Ўрганиш давомида омборнинг тўлиқ видеокузатув камералари билан жиҳозлангани, ҳудуднинг қўриқловга олинганлиги ҳамда тизимнинг рақамлаштирилганлиги кўздан кечирилди.
Шунингдек, талон-торожликларнинг олдини олиш мақсадида жараёнлар Когон туман ИИБ томонидан доимий назоратга олинганлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, қиш мавсуми учун бугунги кунга қадар ушбу маскандан жами 961 740 тонна кўмир маҳсулотлари истеъмолчиларга етказиб берилган.
Ўрганишлар якунида жараёнларни янада тартибли ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш юзасидан бошқарма бошлиғи томонидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг, Когон туманида жойлашган яна бир объект – "Бухоро қурилиш моллари" корхонасига қарашли 2-кўмир омбори фаолияти текширилди.
Ушбу омбор орқали Когон тумани, Ромитан ва Пешку туманларига кўмир маҳсулотлари узлуксиз равишда чиқарилмоқда.
Масканда сақланаётган захира ҳажми, техник ҳолат ва транспортировка жараёнлари мутасаддилар иштирокида батафсил ўрганилди.
Тадбир давомида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.
Хусусан, Когон туманидаги "Бахтли Шерзод" МЧЖга қарашли суюлтирилган газ тўлдириш ва тарқатиш стансиясига ташриф буюрилди.
Станцияда ёнғин ва техник хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши, маиший газ баллонларини тўлдириш ҳамда уларни тасдиқланган график асосида ўз вақтида ҳудудларга етказиш ишлари қатъий назоратдан ўтказилди.
Ушбу профилактик ва назорат тадбирларидан кўзланган асосий мақсад – совуқ кунларда халқимизни иссиқлик манбаи билан узлуксиз таъминлаш ҳамда давлат ва халқ мулки бўлган маҳсулотларнинг ноқонуний ўзлаштирилишига мутлақо йўл қўймасликдир.
Бу борадаги чора-тадбирлар Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ҳудудлар кесимида давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









