Қўшқанотлар. Бахтнинг таянчи — тотувликда
2026-10-31 23:00:00 / Янгиликлар

Паяриқ тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Маржона Мансурова хизмат фаолияти давомида турли эшикларни тақиллатишига тўғри келади. Бу эшиклар ортида кимгадир айта олмайдиган дард, узоқ вақт ичга ютилган алам ёки ечимини кутаётган муаммо яширин бўлиши мумкин. Бундай остоналардан ҳатлаш учун фақат хизмат ваколатининг ўзи камлик қилади. Асосийси, инсон қалбини тушуниш, вазиятга холис баҳо бериш ва дўстона кўмак кўрсата билишдир.
— Оила — ҳар бир инсон учун бахт қўрғони, ҳузур-ҳаловат топадиган муқаддас маскан, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Унда меҳр бўлса, ташвишлар чекинади, муносабатларда ўзаро ҳурмат устунлик қилса, қийинчиликларни енгиш осонлашади. Бироқ муносабатларга дарз кетса, тазйиқ ёки зўравонлик юзага келса, ана шу қўрғоннинг деворлари ҳам нурай бошлайди.
Дарвоқе, М. Мансурованинг бахти шундаки, турмуш ўртоғи ҳам шу соҳада хизмат қилади. Сафдор Муслимбек Ўнгалов вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони патруль-пост хизмати инспектори. Уларнинг ширингина қизалоғи бор. Қайнона-қайнотаси Озода опа ва Исломбек ака ҳар тонг уларни дуо қилиб ишга кузатар экан, кечда ишдан чеҳрасида мамнунлик ила қайтишларини кутишади.
Сафдор Муслимбек Ўнгалов қасамёдига содиқ ҳолда эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат олиб борар экан, фаолиятида қанчалик чарчоқ сезмасин, уйда уни қўллаб-қувватлайдиган ҳамкасб ҳамда оқила рафиқаси, дуогўй ота-онаси борлигини ўйлаб, барча машаққатларни унутади. Чунки бу оилада меҳр-оқибат, ўзаро ишонч ва ҳурмат устувор.
Уларнинг энг катта орзуси — эл-юрт корига ярайдиган, оиласига суянч бўладиган инсонлар бўлиб яшаш, эзгу амаллари билан атрофдагилар меҳрини, ҳурматини қозонишдир. Зеро, халқ хизматига бағишланган умрнинг қадри оила меҳри билан, оила бахтининг файзи эса элга манфаат келтирадиган хайрли ишлар билан янада ортади.
© «Postda» газетаси, Умида Мамадалиева, Самарқанд вилояти.
