ИИВ ходимлари учун киберхавфсизлик ва хизмат интизоми бўйича ўқув семинари ўтказилди
2026-10-31 10:00:00 / Янгиликлар

ИИВ ишчи гуруҳи томонидан Жиззах шаҳар ва Шароф Рашидов тумани ИИБ шахсий таркиби ҳамда барча соҳавий хизматлар ходимлари учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда киберхавфсизликни таъминлаш, интернетдан хавфсиз фойдаланиш ва кибержиноятлардан ҳимояланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, семинар давомида хизмат фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда шахсий маълумотлар ва хизматга оид ахборотларнинг махфийлигини сақлаш, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик, номаълум манбалардан келган файлларни очмаслик ҳамда турли кибертаҳдидларга нисбатан огоҳ ва ҳушёр бўлиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, ходимларнинг интернет маконидаги фаолияти, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти, хизмат обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, ходимларга қонун устуворлигини таъминлаш, хизмат интизоми ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш ҳамда фуқаролар билан муомалада хушмуомала бўлиш зарурлиги тушунтирилди.
Иштирокчиларга хизмат вазифаларини бажаришда масъулият ва шахсий намуна кўрсатиш ҳар бир ходимнинг муҳим бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Ахборот хизмати









