Ички ишлар вазирлигида жиноятчиликка қарши курашиш ва ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-10-30 08:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига кўра жорий йилнинг 1-ноябрдан мамлакатимизда «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан ҳимоя қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тегишли Президент фармони асосида мунтазам ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги бу борадаги ишларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Мазкур тадбирнинг аҳамиятлигини қуйидаги рақамларда кўриш мумкин. Жорий йилнинг 1 июль — 15 август кунлари ўтказилган тадбирнинг иккинчи босқичи натижаларига кўра олди олиниши лозим бўлган жиноятлар 2 228 тага камайишига эришилган. Жиноят турларидан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик ва безорилик жиноятлари камайди. Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан жиноятларни аниқлаш 792 тага яхшиланган.
Шунингдек, «қора бозор»даги тахминий қиймати 221,7 миллиард сўм бўлган 1,8 миллион доза (369,3 килограмм) гиёҳвандлик воситаси, 66 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва 44 919 туп заҳриқотил ўсимлик аниқланиб, учта ноқонуний нарколаборатория фаолиятига чек қўйилган. Кибержиноятчилик йўналишида 438 та жиноят аниқланиб, фуқароларга етказилган 3,5 миллиард сўм зарар қайтарилган. Бундан ташқари, 51 041 та коррупциявий ҳолат, жумладан, 18 322 та энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва 4 710 та ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг қамровини кенгайтириш, наркожиноятларнинг олдини олиш ва уларни фош этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш белгиланди. Бунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Тадбирни пухта ташкил этиш масалалари бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбариятининг ҳисоботи тингланиб, Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида режалаштирилаётган ишлар ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Кейинги масала ички ишлар органларининг маъмурий биноларини 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш, иситиш тизимларининг созлигини таъминлаш ҳамда электр энергияси ва табиий газ таъминотида узилишларнинг олдини олишга бағишланди.
Мавсумга тайёргарлик доирасида бинолар ва муҳандислик-коммуникация тармоқларининг техник ҳолатини текшириш, аниқланган носозликларни ўз вақтида бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Масъул раҳбарларга тайёргарлик ишларини белгиланган муддатларда якунлаш ва мавсум давомида тизимларнинг барқарор ишлашини назорат қилиш вазифалари юклатилди.
Куз-қиш мавсумида аҳолини суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлаш, талон-тарожликларни олдини олиш ҳамда бу масалада тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ёқилғи маҳсулотларининг белгиланган манзилларга тўлиқ етказилишини таъминлаш, тақсимот жараёнида талон-торож ва ноқонуний савдо ҳолатларининг олдини олиш, фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш муҳимлиги қайд этилди.
Масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда таъминотдаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, муаммоли ҳудудларда вазиятни ўрганиш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Йиғилишда кибержиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш ва содир этилган жиноятларни фош этиш бўйича топшириқлар ижроси ҳам таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, банк карталари ва шахсий маълумотларни қўлга киритиш, сохта ҳаволалар орқали пул маблағларини ўзлаштириш, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни эгаллаш каби жиноятлар замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда содир этилмоқда. Бу эса тезкор ахборот алмашинуви, электрон далилларни таҳлил қилиш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишни тақозо этади.
Ўзбекистон кибермаконини ҳимоя қилиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни аниқлаш ва фош этиш мақсадида ўтган даврда 24 мингдан ортиқ тезкор-техник ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
Мазкур тадбирлар натижасида жами 17 490 та ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноят фош этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 251 фоизга ошди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 18 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланиб, уларга етказилган 182 млрд 176 млн сўм миқдоридаги моддий зарарнинг ўз эгаларига қайтарилиши таъминланди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг банк ҳисоб варақларидан маблағларни ноқонуний ечиб олишга қаратилган, кўплаб фуқароларга зарар етказаётган 459 та фишинг туридаги зарарли дастур аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди. Бунинг натижасида сўнгги 9 ой давомида 660 мингдан ортиқ фуқаронинг электрон қурилмалари ва пул маблағларини талон-торож қилинишига йўл қўйилмади.
Кибержиноятларнинг алоҳида хавфли йўналишларидан бири бўлган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ 3 929 та жиноят аниқланиши натижасида жиноий йўл билан топилган 112,2 млрд сўмдан ортиқ маблағларни крипто-активлар шаклида республика ҳудудидан олиб чиқиб кетишининг олди олинди.
Шу муносабат билан жиноятларни содир этиш усулларини таҳлил қилиш, уларга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ва фуқароларга етказилган зарарни қоплаш чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, шахсий маълумотлар ва тасдиқлаш кодларини бегона шахсларга бермаслик юзасидан профилактик тушунтириш ишларини кенгайтириш вазифаси ҳам белгиланди.
Кун тартибидаги яна бир масала ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилди.
Ходимларнинг хизмат вазифаларини қонун доирасида бажариши, фуқаролар билан муомалада одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши ҳамда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги ички ишлар органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти экани таъкидланди.
Интизомий қоидабузарликларнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш, раҳбарларнинг шахсий таркиб устидан назоратини кучайтириш ва ҳар бир қонунбузилиш ҳолатига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш зарурлиги қайд этилди. Бу борада раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш ва аниқланган камчиликларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича тизимли ишларни ташкил этиш вазифалари белгиланди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, масъул раҳбарлар жавобгарлигини ошириш ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини назорат қилиб бориш бўйича тегишли топшириқлар берилди.






