Ўзбекистон ва Сингапур ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-10-29 20:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 28 октябрь куни ИИВ Академияси биносида Сингапур полиция кучларининг кибержиноятчиликка қарши курашиш ва ахборот хавфсизлиги соҳаларида фаолият юритувчи мутахассислари ҳамда ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор халқаро тажриба алмашиш ҳамда трансчегаравий хусусиятга эга кибержиноятларни аниқлаш ва тергов қилишда амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мулоқот давомида икки давлат фуқароларининг кибержиноятлар натижасида бузилган мулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағларни аниқлаш, уларнинг ҳаракатини кузатиш ҳамда етказилган моддий зарарни қоплашга кўмаклашиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида томонлар кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, ахборот ва тажриба алмашиш механизмларини такомиллаштириш, мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган қўшма тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳамда икки давлатнинг ваколатли органлари ўртасидаги амалий алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.


