Танлов. Муносиблар эътироф этилди
2026-10-28 23:00:00 / Янгиликлар

Абдулла Қодирий мемориал музейида ўтказилган танловда саралаш босқичларида муваффақиятли қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда иштирокчиларнинг маънавий-маърифий билимлари, давлат бошқаруви соҳасидаги салоҳияти, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги синовдан ўтди.
Шунингдек, уларнинг шахсий таркиб билан ишлашдаги илғор тажрибаси, хизмат интизомини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва тарғибот фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Танловнинг тақдирлаш маросимида иштирок этган ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров ходимларнинг дунёқараши ва маънавий салоҳиятини юксалтириш устувор вазифа эканини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!» ғоясини ҳар бир ходимнинг ҳаётий эътиқодига айлантириш, уларда ички ишлар органлари сафида хизмат қилаётганидан фахрланиш туйғусини кучайтириш муҳимлигини қайд этди.
Якуний натижаларга кўра, фахрли биринчи ўрин Бувайда тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Иқболжон Абдуллаевга насиб этди.
Иккинчи ва учинчи ўринларни Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Нўмонжон Юнусов ва Гулистон тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Хуршид Муқумов банд этишди.
«Бугун юртимизда ички ишлар органлари ходимлари хизмат бурчини юқори савияда бажариши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Фақатгина қалбда ватанпарварлик туйғуси ва фидойилик билан меҳнат қилишимиз талаб этилади.
Мен бор куч-ғайратимни она Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли ишга бахшида этаётганимдан фахрланаман», — дейди подполковник Иқболжон Абдуллаев.
Таъкидлаш жоизки, бу каби танловлар ички ишлар органларида илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, маънавий-маърифий жараёнларнинг таъсирчанлигини ошириш ҳамда миллий ғурур ва Ватанга садоқатни ўз фаолиятининг бош мезонига айлантирган фидойи ходимларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
© «Postda» газетаси, Гулноза Турғунбоева
