Қашқадарёда ички ишлар органлари ходимлари куни кенг нишонланди
2026-10-27 11:55:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида Ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 35 йиллиги ҳамда 25-октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари ҳамда Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ички ишлар органлари ходимларининг жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ходимларни касб байрами билан самимий муборакбод этиб, уларга масъулиятли ва шарафли хизмат фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати







