Самарқанд вилояти ИИБда 25-октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди
2026-10-27 11:15:00 / Янгиликлар

Тадбирни вилоят ҳокими Адиз Бобоев очиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг тизим ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва барчани байрам билан табриклади.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари йиғилганларни Ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 35 йиллиги билан қутлаб, ходимларга машаққатли, шу билан бирга шарафли касбида улкан муваффақиятлар тилади.
Байрам тадбирида бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирлиги ва бошқа вазирлик ҳамда идораларнинг мукофотлари билан тақдирландилар.
Мукофотларни топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан вилоят Ички ишлар органлари ходимларининг бир гуруҳи давлат мукофоти билан тақдирлангани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан мукофотланган ходимларга рағбатлантириш тариқасида махсус унвонлар, 1-2-3-даражали «Бенуқсон хизматлари учун», «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишонлари, «Фахрий ёрлиқ» ҳамда «Эсдалик қўл соати» тантанали топширилди.
Мукофотларни топшириш жараёнида ходимларнинг хизматдаги самарали фаолияти ва эришилаётган натижалар шахсий таркибга ўрнак бўлиши, ҳар бир ходим шундай мукофотларга лойиқ эканлиги таъкидланди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати









