ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаментида касб байрами муносабати билан ходимлар тақдирланди
2026-10-27 11:10:00 / Янгиликлар

25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда юртимиз тинчлиги, жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, давлат ва жамият манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўлида садоқат билан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг фидокорона меҳнати муносиб эътироф этилди.
Тантанали маросимда Қўриқлаш департаменти бошлиғи полковник Қобил Шодибеков сўзга чиқиб, шахсий таркибни касб байрами билан самимий муборакбод этди. Қўриқлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хизмат фаолиятига замонавий ёндашувлар ва эришилаётган натижалар замирида, аввало, ўз бурчига содиқ, масъулиятли ва фидойи ходимларнинг машаққатли меҳнати мужассам эканини таъкидлади. Шунингдек, хизмат интизоми, юксак касбий маҳорат, ҳалоллик ва Ватанга садоқат ҳар бир ходим фаолиятининг бош мезони бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Маросимнинг энг тантанали қисмида хизмат вазифаларини намунали бажариб, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, ходимларга навбатдан ташқари махсус унвонлар берилди, бир қатор хизматчилар «Аъло хизматлари учун», шунингдек, I, II ва III даражали «Бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишонлари, Ички ишлар вазирлигининг Фахрий ёрлиқлари, эсдалик қўл соатлари ҳамда китоблар тўпламлари билан тақдирланди. Ушбу мукофотлар ходимларнинг кўп йиллик ҳалол хизмати, касбига садоқати ва юксак масъулиятига билдирилган ишонч ҳамда эҳтиромнинг амалий ифодаси бўлди.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда қўриқлаш хизмати нафақат объектлар ва мол-мулк дахлсизлигини таъминловчи, балки жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган муҳим тизим сифатида тобора такомиллашиб бормоқда. Зеро, ҳар бир муваффақият ортида туну кун сергаклик билан хизмат олиб бораётган, халқ осойишталигини ўзининг шарафли бурчи деб билган ходимларнинг матонати ва фидойилиги мужассам.
Касб байрами муносабати билан ўтказилган мазкур маросим нафақат муносибларни тақдирлаш, балки бутун шахсий таркибни янги марралар сари руҳлантириш, хизмат бурчига садоқат ва касбий масъулият туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Зеро, эл-юрт тинчлиги йўлидаги фидокорона хизмат — юксак шараф, халқ ишончи эса энг олий эътирофдир.
ИИВ ҳузуридаги қўриқлаш департаменти Ахборот хизмати





