Она тилидан — миллий ғурурга, миллий ғурурдан — садоқатли хизматга: Ички ишлар вазирлигида она тилига эҳтиром, бурчга масъулият ва Ватанга садоқат руҳида навбатдаги маънавият ва маърифат соати ўтказилди
2026-10-26 22:05:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида марказий аппарат шахсий таркиби иштирокида она тилимизнинг миллий ўзликни англашдаги ўрни ҳамда ходимларда бурч, шараф ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга бағишланган навбатдаги маънавият ва маърифат дарси ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор, Шерзодхон Қудратхўжа маъруза қилди.
Дастлаб 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан она тилимизнинг тарихи, миллий маънавиятимиз ва давлатчилигимиз тараққиётидаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Хусусан, буюк мутафаккир Алишер Навоий давридан бугунги кунгача ўзбек тилининг ривожланиш босқичлари, унинг асрлар давомида бойиб, сайқалланиб боргани ҳамда 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақомига эга бўлишининг тарихий аҳамияти ёритилди.
Машғулотнинг кейинги қисми ички ишлар органлари ходимларида «Бурч, шараф, садоқат» тамойилларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.
Маърузада бурч халқ осойишталиги ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги масъулият, шараф касб шаъни ва фуқаролар ишончини асраш, садоқат эса Ватанга, халққа ва хизмат қасамёдига вафодорлик экани таъкидланди.
Шунингдек, миллий қадриятларга ҳурмат, юксак муомала маданияти, ҳалоллик ва адолатпарварлик ҳар бир ходимнинг касбий ва маънавий қиёфасини белгилайдиган муҳим фазилатлар экани қайд этилди.
Тадбир давомида мамлакатимизда ҳафта мобайнида рўй берган муҳим сиёсий-ижтимоий воқеаларга бағишланган видеолавҳа ҳам намойиш этилди.
Мазкур маърифий учрашув шахсий таркибнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш, миллий ғурур, Ватанга дахлдорлик ва хизмат бурчига масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.






