Остона шаҳрида ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича Қўшма комиссиянинг 29-йиғилиши бўлиб ўтди
2026-10-24 13:15:00 / Янгиликлар

22-октябрь куни Остона шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги тўғрисидаги битим иштирокчилари Қўшма комиссиясининг 29-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегациясига Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мирзакамбаров раҳбарлик қилди.
Йиғилишда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон вакиллари, шунингдек, Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгаши ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида МДҲга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва уларни аниқлаш, хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар, шу жумладан, олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун келган шахслар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тажриба алмашиш ҳамда миграция оқимларини назорат қилиш механизмларини такомиллаштиришда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилиниб, Қўшма комиссиянинг 2027-йилга мўлжалланган иш режаси кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунлари бўйича тегишли баённома имзоланди.



