Касб байрамига муносиб туҳфа: Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг янги биноси очилди
2026-10-24 07:55:00 / Янгиликлар

Пойтахтнинг Яшнобод тумани ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари ҳамда аҳоли салмоғи шиддат билан ўсиб бораётган ҳудудларидан бири бўлиб, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига кунига юзлаб юртдошларимиз мурожаат билан келади. Ташриф буюрувчилар учун қулай шароит яратиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашда самарали натижаларга эришиш мақсадида бошқарма учун янги бино бунёд этилди.
25 октябрь Ички ишлар органлари ходимлари кунида фойдаланишга топширилган бинонинг очилиши байрамга шодиёналарига уланиб кетди. Тадбирда Ўзбекистонда Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов туман хокимлиги вакиллари, соҳа фахрийлари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Ички ишлар вазири янги бинонинг фойдаланишга топширилиши, уч юз мингга яқин туман аҳолиси ва пойтахт меҳмонлари учун замонавий қулайликларни яратиши билан алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу ерда хизмат олиб бораётган шахсий таркиб ҳам яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек Янги Ўзбекистонга муносиб, ҳалоллик ва садоқатни бош мезон сифатида белгилаб хизмат олиб бориши зарурлиги қайд этилди.
Шундан сўнг анъанага кўра рамзий ленталар кесилиб, бино фахрийлар томонидан яхши тилаклар билан очиб берилди. Меҳмонлар хизмат хоналарида яратилган шароитлар, фуқаролар учун ташкил этилган қулайликлар билан яқиндан таништирилди.
Туман ҳудудида хизмат олиб бораётган куч-воситалар бир нуқтадан бошқарув тизими асосида мувофиқлаштирилади. Тизим қалқон платформасига интеграция қилинган ва маълумотлар алмашинуви онлайн режимда амалга оширилади.
Аввалги бино 1967 йилда қурилган бўлиб кўп жиҳатдан замонавий талабларни бажара олмайдиган ҳолатда эди. Битта хизмат хонасида 4-5 нафар ходим хизмат олиб борарди. Янги фойдаланишга топширилган 100 дан ортиқ хизмат хоналарида эса ходимлар зарурий барча шароитлар, техник воситалар компьютер жамланмалари билан таъминланди.
Аҳолига хизмат кўрсатиш, миграция ва персоналлаштириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ҳар бир чақирувга ўз вақтида тезкорлик билан муносабат билдириш учун эндиликда барча имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга машғулот ва фитнес ускуналари билан жиҳозланган спорт зал ходимларни жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш учун хизмат қилса, 204 ўринли маърифат зали туман миқёсидаги тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган.
Ички ишлар вазири масъулларга янги бино шунчаки ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси эмас, балки фуқаролар муаммосини тезлик билан ҳал этадиган, чақирувларга дақиқалар ичида жавоб берадиган, фаолиятига замонавий техникалар ва сунъий интеллект жорий этилган рақамли бошқарма сифатида хизмат кўрсатиши лозимлигини тушунтирди.
25 октябрь Ички ишлар органлари ходимлари куни арафасида ҳудудларда янги биноларнинг очилиши давом этмоқда.









