Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Ғиждувон туман ИИБда олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларини кўздан кечирди
2026-10-21 15:25:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғиждувон туманида бўлиб, соҳа фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда шахсий таркиб учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида вилоят ИИБ бошлиғи фуқаролар билан самимий ва очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот чоғида ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Бошқарма бошлиғи аҳолининг ички ишлар органлари фаолиятига бўлган муносабати, таклиф ҳамда эътирозларини тинглаб, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдек масъулиятли вазифа турганини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, вилоят ИИБ бошлиғи Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармасида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш, бино ҳамда хизмат хоналарини замонавий андозалар асосида таъмирлаш ишлари жараёнини кўздан кечирди. Ходимларнинг кунлик хизмат олиб бориши, фуқароларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиши учун яратилаётган шарт-шароитларни атрофлича ўрганиб, масъулларга қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли якунлаш ва хизмат интизомини янада ошириш бўйича аниқ топшириқ ҳамда тавсиялар берди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати




