Бухоро шаҳридаги маҳаллаларда хавфсиз ва обод муҳит яратиш ҳамда фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ўрганилди
2026-10-21 11:10:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги “Сайфиддин Боҳарзий” ва “Шайх ул олам” маҳаллаларида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги “Боғимайдон” маҳалласи тажрибаси асосида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида раҳбарлар ушбу ҳудудларда олиб борилаётган бунёдкорлик ва инфратузилма лойиҳалари билан яқиндан танишдилар.
Ўрганишлар давомида фуқаролар ва уларнинг мол-мулки дахлсизлигини таъминлаш, хавфсиз маҳалла концепциясини амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳудудда 24 та замонавий видеокузатув камерасини ўрнатиш ва кўп қаватли уйларнинг 44 та кириш эшигини кодли қулфлар билан жиҳозлаш белгиланган бўлиб, бу профилактик назоратни кучайтириш ва хонадонларга ғайриқонуний кириш ҳамда ўғриликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, ҳудуд инфратузилмасини комплекс ривожлантириш ва аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш орқали профилактик муҳит мустаҳкамланмоқда. Янги маҳалла биноси, ёшлар кутубхонаси, болалар ва жамоат масканлари барпо этилиб, кўп қаватли уйлар, пиёдалар йўлаклари ҳамда ички йўллар таъмирланмоқда. Бу борадаги энг муҳим омиллардан бири — аҳоли бандлигини таъминлаш бўлиб, 36 та янги савдо нуқтасини ишга тушириш ҳисобига 240 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланади ва ишсизлик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олди олинади.
Вилоят раҳбари масъуллар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига барча объектларда қурилиш ва хавфсизлик чораларини сифатли ташкил этиш, аҳоли ҳамда ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда маҳаллаларни жиноятчиликдан холи, обод ва хавфсиз масканга айлантириш юзасидан қатъий кўрсатмалар берди
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









